Хитой дунё бозорларини қандай эгалламоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Suranjana Tevari
- Role, Osiyo Biznes muxbiri
- Reporting from, Singapore
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Сингапурдаги деярли исталган савдо марказига кирсангиз, жозибадор номлар, ёрқин рангли брендлар остидаги дўконлар олдида турнақатор навбатларни кўрасиз.
Chagee, Molly Tea ва Mixue каби Хитой брендлари нафақат Осиёда, балки Сиднейдан тортиб Лондон ва Лос-Анжелесгача бўлган шаҳарларда ҳам оломонни тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда.
Мода ёрлиқлари, ўйинчоқ дўконлари ва спорт кийимлари гигантлари қаторида бу чой тармоқлари ҳам янги тўлқинни бошлади – Хитой ширкатлари арзон маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан глобал миқёсда танилган истеъмол брендларига айланиш сари одимламоқда.
Дунёдаги иккинчи йирик истеъмол бозорида шаклланган бу компаниялар аллақачон катта операцион салоҳиятга эга.
Аммо мамлакат ичидаги рақобат кучайгани сабабли хорижга чиқиш заруратга айланган.
Айни пайтда улар "Хитойда ишлаб чиқарилган" тамғаси ҳали ҳам арзон, сифатсизлик белгиси деб гумон қилинадиган бозорларга кириб бормоқда.
"Хитой кўчирмакаш иқтисодиётидан ўсиб чиқди, – дея таъкидлайди "Storytellers China" консалтинг компанияси вакили Тим Паркинсон. – Эндиликда унинг маҳсулотлари талабчан глобал истеъмолчиларнинг янги авлоди кутган умидларни оқламоқда".
Дунё устахонаси
Хитой узоқ вақтдан бери Ғарб компаниялари учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган дунё устахонаси бўлиб келган. Бу жараёнда етказиб берувчилар нафақат маҳсулот ишлаб чиқаришни, балки уни брендлаш, тарқатиш ва кенг миқёсда сотишни ҳам ўрганди.
Miniso каби компаниялар ана шундай ноу-хаудан фойда кўрди. Disney, Marvel ва Warner Bros. ўйинчоқлари ҳамда филмларига оид маҳсулотларни сотадиган бу чакана савдо тармоғи ҳозирда дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида ўз дўконларига эга.
"Истеъмолчиларни бренднинг қаердан келиб чиққани унчалик ташвишлантирмайди, – дейди Miniso'нинг хорижий бозорлар бўйича бош менежери Винсент Хуанг. – Улар кўпроқ харид қилиш туйғусига – дизайн, нархига яраша қиймат ва харид завқига эътибор қаратишади".
Лицензия шартномалари ва маҳсулотни заводдан дўкон пештахтасига етказишдаги нисбатан юқори тезлик унинг бизнес модели асосини ташкил этади.

Сурат манбаси, Getty Images
Истеъмол товарларидан ташқари, BYD дунёдаги энг йирик электромобил ишлаб чиқарувчиси сифатида Tesla'дан ўзиб кетди. Компания электромобиллар пойгасининг бошидаёқ тўғри технологияга сармоя киритганидан ютди, Хитойнинг улкан ички бозори эса унга миқёсни кенгайтириш ва таннарх самарадорлигини оширишга ёрдам берди.
Эндиликда у автомобиллар доирасидан чиқиб, ўз автомобиллари атрофида экотизим яратиш доирасида бир неча дақиқада юзлаб километр масофани босиб ўтиш имконини берувчи ўта тезкор қувватлаш тизимларини ишлаб чиқмоқда.

Ҳукумат субсидиялар ва имтиёзлар орқали Хитойнинг электромобиллар соҳасини ривожлантиришга кўмаклашди. Бироқ бу Европа ва АҚШ танқидига сабаб бўлди: расмийлар бундай қўллаб-қувватлаш Хитой ширкатларига адолатсиз устунлик беришини айтмоқда. Пекин эса буни рад этиб, бу ўсиш Хитойнинг инновацион ва саноат қудратини акс эттиришини таъкидламоқда.
Anta яна бир мисол – ҳозирда у бутун дунё бўйлаб қарийб 13 000 та дўконни бошқаради ва Nike ҳамда Adidas'дан кейин дунёдаги учинчи йирик спорт кийимлари брендига айланди.
У дастлаб Хитойнинг улкан ички бозорини забт этди, айни пайтда Salomon ва Wilson каби таниқли халқаро брендларни, яқинда эса Puma'нинг 29 фоизлик улушини сотиб олиш орқали глобал майдондаги ўрнини кенгайтирди.
Жануби-Шарқий Осиё – трамплин сифатида
Ғарб бозорларига киришдан олдин кўплаб Хитой компаниялари Жануби-Шарқий Осиёдан синов майдончаси сифатида фойдаланган.
Ёш ва тобора фаровонлиги ортиб бораётган 650 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга бу минтақа кенг миқёс ва хилма-хиллик таклиф этади, шу билан бирга, таниқли Ғарб брендлари билан рақобат стандартларнинг юқори бўлишини таъминлайди.
Haidilao ресторан компанияси 2012 йилда Сингапурда ўзининг биринчи хориждаги шохобчасини очди. Ҳозирда у 14 мамлакатда 1300 та ресторанга эга дунёдаги энг йирик хотпот (иссиқ овқат) тармоғидир.
"Haidilao ҳикояси шунчаки бир ресторан муваффақияти эмас, – дейди "Haidilao International" раиси ўринбосари Чжоу Чжаочен. – Бу Хитойнинг 30 йиллик иқтисодий ўзгаришлари ва халқаролашувини акс эттиради".
Чжоунинг айтишича, тармоқнинг глобал қамрови кучли бренд, мустаҳкам экотизим ва содиқ мижозлар базасига таянади. У ҳар бир хорижий бозор турли маданиятлар, ҳуқуқий тизимлар ва истеъмолчи одатлари билан шаклланган мураккаб тузилма эканлигини, шунинг учун таомлар, меню ва хизмат кўрсатишни маҳаллийлаштириш муҳимлигини таъкидлайди.
Айни пайтда тармоқ Индонезия ва Малайзияда ҳалол сертификатини олиш ҳаракатида ва бу Яқин Шарқдаги аксарият аҳолиси мусулмон мамлакатлар бозорларини очиши мумкин.

Бошқа брендлар ҳам жадал ривожланмоқда. Музқаймоқ ва "баблти" сотадиган Mixue шохобчалари сони бўйича дунёда McDonald's ёки Starbucks'дан ҳам кўпроқ, Molly Tea эса ташкил этилганидан бир неча йил ўтиб, халқаро миқёсда кенгайди.
"Euromonitor International" бозор тадқиқотлари фирмаси маълумотларига кўра, Жануби-Шарқий Осиёда фаолият юритаётган Хитой фирмаларининг 70 фоиздан ортиғи келгусида янада кенгайишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, бу минтақа дунёдаги энг тез ўсаётган смартфон бозорларидан бири ва ижтимоий тармоқлар бу маҳсулотлар машҳурлигини кескин оширмоқда. Масалан, Pop Mart'нинг Лабубу ҳайкалчалари деярли анъанавий рекламасиз глобал ҳодисага айланди.
АҚШда "Pop Mart" савдо ҳажми 2024 йилдан бери 900 фоизга ўсди. Сўнгги ойларда компаниянинг яна қанчалик ўсиши борасида хавотирлар туфайли унинг акциялари нархи кескин тушиб кетган бўлса-да, у ҳамон АҚШнинг ўйинчоқ гигантлари "Hasbro" ва "Mattel" ҳамда "Hello Kitty" бренди ортида турган Япония ширкати "Sanrio"нинг умумий қийматидан юқорироқ баҳоланади.
Нархлар уруши
Хитойда "chuhai" (тахминан "денгизга чиқиш" дегани) деб номланган бу ташқи бозорларга интилиш тобора кучайиб бораётган ички босимлар натижасида юзага келмоқда. Иқтисодиёт сустлашуви, кучли рақобат ва туғилиш даражаси пасайиши одамларнинг харажат одатларини ўзгартириб, ўсиш суръатларини пасайтирди ва компанияларни хориж бозорларига чиқишга мажбур қилди.
Ҳатто хорижий брендлар ҳам бу ўзгаришни ҳис қилмоқда. "Starbucks"нинг Хитой бозоридаги улуши 2019 йилдан бери икки баравардан кўпроққа камайди. Маҳаллий "Luckin Coffee" тармоғининг мамлакатдаги дўконлари сони ҳозирда америкалик рақобатчисиникидан деярли тўрт баравар кўп. "Luckin"нинг мобил иловага асосланган модели харажатларни паст ушлаб туриш ва тез хизмат кўрсатиш имконини беради.
Ўтган йил ноябр ойида "Starbucks" Хитойдаги фаолиятининг назорат пакетини Ҳонконгдаги "Boyu Capital" компаниясига сотиш бўйича келишувни эълон қилди.
2020 йилда "Nasdaq" биржасидан чиқарилишига сабаб бўлган йирик молиявий жанжалга қарамай, "Luckin" Хитойда ва хорижда, жумладан, Сингапур, Малайзия ва Ню-Йоркда ўз фаолиятини кенгайтиришда давом этди ва АҚШ фонд бозорига қайтишни режалаштираётгани хабар қилинмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойнинг "юмшоқ кучи" олдидаги синов
Таҳлилчилар айтишича, Хитой ширкатлари ҳақидаги тасаввурлар ҳам ўзгараётган кўринади.
Бир пайтлар "Хитойда ишлаб чиқарилган" тамғаси арзон маҳсулотларни англатарди, эндиликда улар инновацион ва ўзига хос дизайнга эга маҳсулотлар сифатида кўрилмоқда.
"BYD каби брендлар юқори сифатни таъсирчан ҳикоялар ва маҳаллий шароитга мослашиш билан уйғунлаштиради", дейди маркетинг бўйича мутахассис Фу Сю-Тин.
Шундай бўлса-да, муаммолар сақланиб қолмоқда. Huawei ва TikTok мисолларида кўрилганидек, тарифлар, сиёсий назорат ва маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар компанияларнинг кенгайишини мураккаблаштирмоқда.
Shein ва Temu каби тез ўсаётган брендларнинг Ғарб бозорларида ўз суръатини сақлаб қола олиши ҳам сўроқ остида.
Шунга қарамай, ҳаракат йўналиши аниқ: Хитой компаниялари энди фақат паст нархлар билан ажралиб турмайди, улар инновациялар жорий қилиб, истеъмолчиларнинг янги талабларига тез мослашмоқда.
Улар ўз брендларини яратмоқда, маҳаллий бозорларга мослашмоқда ва жаҳондаги машҳур ўйинчилар билан бевосита рақобатлашиб, баъзан улардан ўзиб ҳам кетмоқда.
Мақолани тайёрлашда Жалтсон Акканат Чуммар ёрдам берган































