Дунё бўйлаб чучук сувлар шўрланмоқда. Ечим нима?

ikki ayol

Сурат манбаси, Lena Nian/ BBC

Published
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Гамбиядан тортиб АҚШгача бўлган ҳудудларда денгиз тузи одамлар ичадиган ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун зарур чучук сувларга тобора кўпроқ аралашиб бормоқда.

Янги Орлеанда кимдир ичимлик суви учун жўмракни бурайди, бироқ ундан шўр сув келади. Бангладешда деҳқонлар бир пайтлар унумдор бўлган ерларни қисқичбақа боқиш учун шўр сувли ҳовузларга айлантиришга мажбур бўлмоқда. Гамбияда эса деҳқон аёлнинг экинлари туздан сарғайиб, нобуд бўлаётганини кузатишдан ўзга чораси йўқ.

Дунё бўйлаб бир вақтлар ишончли бўлган қирғоқбўйи чучук сув манбалари денгиз суви босими остида шўрланиб бормоқда. Бу "шўр сув интрузияси" деб аталган ғалати, секин кечаётган инқироз бўлиб, у одамлар ҳаётига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда.

Шўр сув интрузияси деганда шўр сувнинг (океан ёки денгиздан) чучук сувли ҳавзаларга, ичкарига силжиши тушунилади. Ҳозирча бу ҳолат Гамбия, Вьетнам ва Бангладеш каби пасттекисликда жойлашган мамлакатларга кўпроқ таъсир қилмоқда, аммо бу АҚШ учун ҳам долзарб бўлган глобал муаммодир. 2050 йилга бориб, Антарктидадан ташқари барча қитъаларнинг қирғоқбўйи ҳудудларида шўр сув камида 1 километр ичкарига кириб бориши башорат қилинмоқда.

АҚШдаги Ғарбий Каролина университети қирғоқбўйи геологияси профессори Роберт Янгнинг таъкидлашича, шўр сувнинг кириб келиши одатда узоқ вақт давомида аста-секин юз беради, аммо бутун дунёдаги ичимлик суви манбаларига, шоличиликка ва қирғоқбўйи жамоаларига узоқ муддатли ҳалокатли таъсир кўрсатади.

"Шўр сув интрузияси – аста-секин юзага келадиган иқлим инқирозининг ёрқин намунасидир, – дейди у. – Биз кўпинча бўронлар каби йирик ҳодисаларга эътибор қаратамиз-у, секинроқ содир бўлаётган ўзгаришларни эътиборсиз қолдирамиз. Биз офатларга нотўғри тайёргарлик кўряпмиз, [аммо айнан секин бошланадиган иқлим таъсирлари] қирғоқбўйи жамоаларининг, айниқса, ривожланаётган мамлакатлардаги келажагига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин".

Ёпирилиб келаётган туз

АҚШда шўр сув интрузияси аллақачон кўплаб қирғоқбўйи фермер хўжаликлари ва ичимлик суви таъминотига, айниқса, асосий чучук сув манбаи бўлмиш Бискайн сув ҳавзаси жойлашган Жанубий Флорида пасттекисликларига таҳдид солмоқда. Олимлар Род-Айленддаги қудуқларнинг шўр сув билан ифлосланганини аниқлаган. "The Guardian" нашри ёзишича, Луизиана аҳолиси ҳатто водопровод сувида шўр таъм сеза бошлаган ва 2023 йилда штат губернатори ушбу таъсирлар туфайли президентдан фавқулодда ҳолат эълон қилишни сўраган.

Ичимлик сувига шўр сув аралашиши шунчаки нохуш ҳолат эмас. Тадқиқотлар кўрсатишича, шўр сув ичадиган аҳоли соғлиғига салбий оқибатлар, жумладан, юқори қон босими ва ҳомиладорлик давридаги муаммолар хавфи юқори.

2023 йилда АҚШ Армияси муҳандислар корпусига қарашли кемалар Миссисипи дарёсида қазиб чиқарилган лойқани қувурлар орқали ташиб, шўр сувнинг ичкарига кириб келишини тўсиш учун тўсиқ ҳосил қилди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2023 йилда АҚШ Армияси муҳандислар корпусига қарашли кемалар Миссисипи дарёсида қазиб чиқарилган лойқани қувурлар орқали ташиб, шўр сувнинг ичкарига кириб келишини тўсиш учун тўсиқ ҳосил қилди

Интрузия кўпинча шўр ва чучук сув чегарасида содир бўлади. Тузнинг жойлашуви денгиз сатҳи ва қуруқликдаги сув сатҳи ўртасидаги мувозанатга боғлиқ, дейди АҚШдаги Делавер университети қирғоқ гидрогеологи Ҳолли Майкл. "Бу мувозанатни у ёки бу томонга ўзгартирадиган ҳар қандай жараён туз фронтининг қуруқлик ичкарисига силжишига сабаб бўлади", дейди у.

Майклнинг айтишича, бу жараён ҳарорат ошиши, ёғингарчиликнинг камайиши ва денгиз сатҳининг глобал миқёсда кўтарилишига олиб келаётган иқлим ўзгариши туфайли янада кучаймоқда.

Айрим жойларда, жумладан, АҚШда ҳам маиший, қишлоқ хўжалиги ва саноат эҳтиёжлари учун ерости сувларидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш шўр сув интрузиясини ошириб, ерости шўр сувларининг тупроқ ва дарёларга кириб боришига имкон яратди.

Деҳқонлар учун муаммо

Lena Nian/ BBC
O‘zimni juda yomon his qilyapman, chunki oilam avvallari ko‘pincha to‘yib ovqatlanardi, hozir unday emas. Shuning o‘ziyoq katta tashvish.
Nurs Senne
Gambiyalik dehqon (Batafsil: bbc.com/uzbek)
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Аммо шўр сув интрузиясидан энг кўп жабр кўраётганлар дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидаги қирғоқбўйи деҳқонларидир.

Нурс Сенне Гамбиядаги 600 га яқин аҳоли истиқомат қиладиган, мангровзорларга бой кичик Санканди қишлоғида ота-онаси билан шоли экишни бошлаганида ҳали бола эди. Ота-онаси унга шоли кўчатлари сувда яхши ўсишини, шу сабабли экинларни фақат серёғин мавсумда, суғориш учун ёмғир суви етарли бўлганда экиш кераклигини ўргатган эди.

Бу усул авлодлар давомида оилага наф келтирган: "Отам бадавлат бўлмаган, – дейди ҳозир 59 ёшда бўлган Сенне. – У оилани боқиш учун оғир меҳнат қиларди, аммо шунга яраша серёғин мавсумда мўл ҳосил олардик".

Сенне 1987 йили, турмушга чиққанидан кўп ўтмай, шоличилик билан мустақил шуғуллана бошлади. Унинг айтишича, даласидан олинадиган мўл ҳосил оиласини боқишга ёрдам берган, бироқ бундан тахминан тўрт йил аввал шўр сув Атлантика океанидан унинг бир гектарлик шолипоясига аста-секин кириб кела бошлагач, ҳосил камайиб кетган.

Бу ҳолат Сенне учун мутлақо нотаниш эди. У шолининг ўсишдан тўхтаб, ҳосилдорлиги пасайиб бораётганини кўра бошлади ва таъсирни камайтиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, экинзорини бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлди.

Гамбия дунёдаги энг пасттекисликда жойлашган мамлакатлардан бири бўлиб, бу ерда шўр сув интрузияси ҳақида илк бор XIX асрда маълум бўлган. Аммо Гамбия университетининг иқлим ўзгариши ва агрономия бўйича профессори Сидат Яффанинг таъкидлашича, ҳозирги кунда шўр сувнинг кириб келишига асосан иқлим ўзгариши сабаб бўлмоқда.

Мамлакат номи олинган ва Ғарбий Африканинг энг узун кемачилик сув йўлларидан бири бўлган Гамбия дарёси мамлакат шоликорлиги учун асосий чучук сув манбаи ҳисобланади. Шоли ўсиши учун жуда кўп сув керак: атиги 1 кг ҳосил олиш учун тахминан 2500 литр сув талаб этилади.

Шўр сувнинг кириб келиши илгари унумдор бўлган ерларни ҳосилсиз қилиб, экин экиш учун яроқсиз ҳолга келтириши мумкин

Сурат манбаси, Lena Nian/ BBC)

Сурат тагсўзи, Шўр сувнинг кириб келиши илгари унумдор бўлган ерларни ҳосилсиз қилиб, экин экиш учун яроқсиз ҳолга келтириши мумкин

"Гамбия дарёси деярли денгиз сатҳида жойлашган ва шўр сув кириб келишидан жиддий зарарланади. Шўр сув дарё бўйлаб 250 км ичкаригача кириб бориб, одатда шоли етиштиришда фойдаланиладиган ирмоқларга қуйилади", дейди Яффа. Унинг қўшимча қилишича, ҳарорат кўтарилиши туфайли 1970-йиллардан бери мамлакатда йиллик ёғингарчилик миқдори қарийб 30 фоизга камайган. Бу эса ерости сувларининг тўйинишини секинлаштириб, тупроқни янада шўрлаштирган.

"Ҳозир ёғингарчилик камайган, шу сабабли ёмғирдан келадиган чучук сув ҳам оз, – дейди Яффа. – Аксинча, Атлантика океанидан Гамбия дарёсига қуйилаётган шўрроқ сув оқими юқорига кўпроқ ҳаракатланмоқда".

Қарши кураш

Гамбия Миллий атроф-муҳит агентлигининг 2024-йилги таъсирни баҳолаш ҳисоботига кўра, 2009–2023 йиллар оралиғида шўр сув кириб келиши туфайли Гамбияда шоли етиштириладиган майдонлар 42 фоизга, ҳосилдорлик эса 26 фоизга камайган. Бу ўзгаришлар, асосан, мамлакатдаги минглаб одамларнинг тирикчилик манбаи бўлган анъанавий шоличилик соҳасида кузатилмоқда. Ушбу ҳолат ўта қашшоқ аҳолининг 91 фоизи фермерлардан иборат бўлган мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Сенне қўл қовуштириб ўтирадиган деҳқон эмас. Муаммони пайқаши биланоқ, у вақтинчалик тўғон қуришга киришди: шўр сувнинг фермасига янада кириб келишига йўл қўймаслик учун қопларни лойга тўлдириб, ерга кўмди. Бироқ, унинг айтишича, уч марта уринишига қарамай, бу ечим ҳеч қачон иш бермаган.

Нурс Сенне энди ўзига тегишли кичикроқ ер майдонида анча кам шоли етиштиради ва бу етишмовчиликни импорт қилинган гуруч сотиб олиш орқали қоплашга мажбур

Сурат манбаси, Lena Nian/ BBC

Сурат тагсўзи, Нурс Сенне энди ўзига тегишли кичикроқ ер майдонида анча кам шоли етиштиради ва бу етишмовчиликни импорт қилинган гуруч сотиб олиш орқали қоплашга мажбур

Охир-оқибат у фермасини ташлаб кетди. "Шўр сув босиб келгани учун кетишга мажбур бўлдим, – дейди у. – Ҳозир зарар кўрган шолипоя ерларига экин экилмаяпти".

Сенне ҳозирда яқин атрофдаги ўзига тегишли кичик бир ерда деҳқончилик қилади, бироқ унинг айтишича, аввалги ҳосилнинг учдан биридан ҳам камроқ ҳосил олмоқда ва етти нафар фарзанди энди тўйиб овқатланмаяпти. "Ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман, чунки оилам авваллари кўпинча тўйиб овқатланарди, ҳозир ундай эмас. Шунинг ўзиёқ катта ташвиш", дейди у. Сенне энди бир қоп импорт гуручни 30 доллардан сотиб олади. "Бир кун келиб гуруч сотиб оламан деб ҳеч ўйламагандим, – дейди у. – Бу мен учун жуда оғир".

Шоли Гамбиядаги тирикчилик мақсадида деҳқончилик қилувчи фермерлар учун муҳим озиқ-овқат манбаи. Мамлакат гуручнинг асосий қисмини импорт қилса-да, уни сотиб олиш кўпчилик учун нотаниш ҳолат. Яффанинг айтишича, ўртача ойлик маош 69 доллардан кам бўлган мамлакатда бу жуда қимматлик қилади.

Тузни жиловлаш

Дунёдаги бошқа пасттекислик ҳудудларидаги, жумладан, Вьетнамдан тортиб Ўрта ер денгизи соҳилларигача, АҚШнинг Флорида ва Делмарва ярим ороли каби қирғоқбўйи ҳудудларидаги фермерлар ҳам шўр босқинига дуч келмоқда. Бангладешда баъзи кичик фермерлар ерларини шўр сув босишига жавобан, уларни қисқичбақа етиштириш учун шўрланган ҳовузларга айлантирмоқда. Бу эса тупроқни янада ифлослантириши ва қирғоқ аҳолиси ўртасида низоларга сабаб бўлиши мумкин.

Бангладешнинг Хулна шаҳрида аёллар маҳаллий ичимлик суви манбаларига шўр сув кириб келиши ва бошқа муаммолар таъсир қилгач, узоқдаги чучук сув манбасидан сув ташимоқда.

Сурат манбаси, Getty Images)

Сурат тагсўзи, Бангладешнинг Хулна шаҳрида аёллар маҳаллий ичимлик суви манбаларига шўр сув кириб келиши ва бошқа муаммолар таъсир қилгач, узоқдаги чучук сув манбасидан сув ташимоқда

Бироқ одамлар бу босиб келаётган шўр сувга қарши ҳам курашмоқда.

Масалан, Флорида штатида шўрликни назорат қилувчи иншоотлар ўрнатилган бўлиб, улар чучук ва шўр сувни ажратишга ёрдам беради. "Флорида каналларга сув тўлқини дарвозаларини ўрнатди, бу шўр сувнинг юқорига чиқишини тўхтатади, – дейди Майкл. – Улар сув қайтиш вақтида дарвозаларни очади ва бу сувнинг оқиб кетишига имкон беради".

Шу сингари, 2016 йилда Эл-Нино сабабли кучайган қурғоқчилик шўр сувни 90 км ичкаригача сурган Вьетнам ҳам ўзининг "гуруч савати" бўлган Меконг дельтасини шўр сув кириб келишидан ҳимоя қилиш учун кўп миллион долларлик шлюз дарвозаларини қурди. Бироқ, бу лойиҳалар кўпинча муваффақиятсизликка учраган.

Майклнинг айтишича, Флоридадаги яна бир муҳандислик ечими – бу оқова сувларни ҳайдашдир. Бунда оқова сувлар тўпланади, тозаланади ва дарёга чиқарилади. "Бу ерости сувларидаги шўр сувни сиқиб чиқаришга ёрдам беради. У қуруқликдаги сув сатҳини кўтаради ва олинган сув ўрнини қоплайди".

Хитой ва Нидерландия ҳам оқова сувларни тозалаш усулини қўллаган. Масалан, Хитойнинг Ингли шаҳрида тозаланган ёмғир сувлари бевосита қишлоқ хўжалигида суғориш учун ишлатилади.

Яффанинг айтишича, Гамбияда 1994 йилда шолипояларга шўр сув кириб келиши олдини олиш учун тўғон қурилган. "Тўғон яхши ечим эди, – дейди у. – [Аммо у] ҳозир ёмон аҳволда ва жиддий таъмирга муҳтож".

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Вьетнамда фермерларга шўр сув кириб келишига мослашишда ёрдам бериш учун бошқа ечимлар ҳам ўрганилмоқда. 2016-йилги қурғоқчиликдан бир йил ўтиб, Тра Вин университети тадқиқотчилари фермерлар билан шоличиликнинг далаларни навбати билан сув бостириш ва қуритишга асосланган кам сув талаб қиладиган янги усулини синовдан ўтказди ва уларга смартфонлари ёрдамида далалардаги сув сатҳини кузатишга кўмаклашди. «Монгабай» нашри хабар беришича, гарчи ҳозирда қўлланилаётган илова-сенсор технологияси жуда қиммат бўлса-да, тадқиқотчилар сенсор нархлари пасайса бу технология тез орада янада арзонлашади демоқда.

Меконгни муҳофаза қилиш жамғармаси директори Дуонг Ван Ни шоликорларга сувнинг экин учун яроқсиз даражада шўр ёки шўр эмаслигини текшириш имконини берувчи оддий қўл қурилмасини ишлаб чиқди. У яна Меконг дельтасида шўрхок тупроқда яхши ўсиб, қуритилгач, сават каби буюмлар тўқиб сотиладиган ва муқобил даромад манбаи бўладиган маҳаллий қамиш турларини етиштиришга чақирди.

Мувозанатда

"Бу ечимларнинг ҳеч бири универсал эмас, бир жойда иш бергани бошқасида иш бермаслиги мумкин", таъкидлайди АҚШнинг Шимоли-шарқий университети иқлимга мослашиш бўйича тадқиқотчиси Лиззи Ярина.

Иқлим ўзгариши кучайиб, аҳоли сони ўсиши чучук сув қатламларига босимни оширар экан, шўрланиш инқирози фақат чуқурлашади. 2024 йилда ўтказилган тадқиқотга кўра, 2100 йилга бориб дунё қирғоқларининг қарийб 77 фоизи шўрланишдан зарарланади. Кўплаб фермерларнинг тирикчилиги тобора хавф остида қолади.

Бинта Сисей шоли далаларига шўр сув кириб келишини тўхтатиш учун вақтинчалик тўғон қуришга уринди, аммо охир-оқибат ерларини ташлаб кетишга мажбур бўлди

Сурат манбаси, Lena Nian/ BBC

Сурат тагсўзи, Бинта Сисей шоли далаларига шўр сув кириб келишини тўхтатиш учун вақтинчалик тўғон қуришга уринди, аммо охир-оқибат ерларини ташлаб кетишга мажбур бўлди

Гамбияга қайтсак, 63 ёшли Бинта Сисей ҳам 2019 йилда Санкандидаги шолипояларига бостириб келаётган шўр сувга дуч кела бошлади. У тупроқ унумдорлигини ошириш учун далаларига ҳайвон гўнгини солиб кўрди, бироқ шўр сув кириб келаверди. Шундан сўнг у қўлбола тўғон қурди. Бу ҳам фойда бермади. Оқибатда у илгари оиласини боқиш, етти нафар фарзандининг даволаниши ва мактаб харажатларини қоплаш учун ҳар мавсумда камида 30 қопдан шоли ўриб оладиган даласини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Сенне ва Сисей иккаласи ҳам салат ва карам каби сабзавотлар етиштиришга ўтди, аммо бу оз даромад уларнинг импорт гуручини сотиб олиш каби харажатларини қопламайди. Сисейнинг айтишича, у оиласи эҳтиёжларини қондириш учун баъзан ўз қишлоғидаги фақат аёллардан иборат гуруҳдан қарз олиб туради.

Яффа гуруч импорти ортиши оқибатларидан хавотирда. "Қўрқувим шундаки, Гамбия, айниқса, деҳқончилик жамоалари, уларнинг ҳаёти ва тирикчилигига таъсир кўрсатадиган жиддий озиқ-овқат танқислигига юз тутади", дейди у. Унинг айтишича, шоли етиштириш камайиши "очарчиликни келтириб чиқариши ва мамлакатда тартибсизликка сабаб бўлиши мумкин".

Сенне ҳам чуқур ташвишда ва муаммонинг узил-кесил ечим топишига умид қилади. Бироқ у инқироз тобора чуқурлашиб, вақт оз қолаётганига ишонади.

"Мен дамбалар қурилишини қўллаб-қувватлайман, – дейди у. – Акс ҳолда, [шўр сув босиши] янада кучаяди ва ҳаётимиз чидаб бўлмас даражага етади. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, келажакда иккинчи шолипоям ҳам зарарланишидан қўрқаман".