Бош прокурор инсон ҳақларини поймол этганлар жавобгарлигини оширмоқчи

Ўзбекистон давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатда қабул қилинган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадидаги қонунларни бузган амалдорларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган қонун ижодкори бўлмоқчи.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурори Рашиджон Қодиров сенаторлар олдида ҳисоб берган пайт айтган.
Маҳаллий матбуотга кўра, Ўзбекистон парламенти юқори палатаси ялпи мажлисининг иккинчи кунида Бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳисобот берган, унинг ҳисоботини Ўзбек сенаторлари "қизғин муҳокама қилганлар".
Бош прокурор ҳисоботининг асосий мавзуси Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган амалдаги қонунчиликка риоя қилинишининг аҳволи ва бу борадаги прокурор назоратини янада кучайтириш" бўлган.
Бош прокурор сўзларига кўра, "инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини мансабдор шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатлари, шикоятлари юзасидан чоралар кўрмаслик, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, меҳнат ва бошқа манфаатларига дахлдор масалаларни ҳал қилишда суиистеъмолларга йўл қўйиш ҳолатлари мавжуд".
Ўзбекистоннинг бош прокурори ўз ҳисоботида инсон ҳақларини поймол этаётган идора-ташкилотларнинг номини тилга олган.
Улар "Давархитектқурилиш", "Давгеодезеркадастр", "Маданият ва спорт ишлари вазирлиги", "Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқалар" экан.
Бош прокурор ҳисоботида Ўзбекистон номини хорижда кўпроқ ёмонотлиқ қилган қийноқлар, қонунга зид амаллар учун масъул ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан Миллий Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, суд ва адлия тизимида инсон ҳақларини поймол этиш билан боғлиқ ҳодисалар ўрганилгани-ўрганилмагани ҳақида хабар берилмаган.
Бош прокурор Рашиджон Қодировга кўра, 2012 йилда инсон ҳуқуқларига зид бўлган 1350 та ҳужжатга прокуратура протест киритипти.
Жаноб Қодиров айтишича, ўтган йили "инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ҳужжатларининг талабларини инкор этиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўрмасдан қолдириш, улар кўтараётган муаммолар бўйича чоралар кўрмаслик ҳолатлари юзасидан прокурорларнинг қарорлари ва тақдимномалари асосида тегишли мансабдор шахслар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, жиноят ишлари қўзғатилган ҳолатлар мавжуд".
Ўзбекистонда бош прокурор ҳам қонун ташаббускори сифатида чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги эслатилган.
Шундан келиб чиқиб Рашиджон Қодиров Ўзбекистон парламентига "инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларини жавобгарлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини киритиш"ни мўлжаллаётгани маълум қилинди.
Халқаро ташкилотлар дунёда инсон ҳақларини энг кўп поймол этаётган мамлакат сифатида Ўзбекистонни тилга оладилар.
Ҳар йили ушбу вазият бўйича турли ташкилотлар тайёрлайдиган ҳисоботларда мамлакатдаги аҳвол тобора ёмонлашиб бораётгани қайд этилади.
Инсон ҳақ ва эркинликларини энг кўп бузадиганлар эса Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари экани расмий ҳужжатларда ҳужжатлаштирилган.
Мамлакатда милиция ёки полиция ҳақидаги қонун ҳануз қабул қилинмаган, ушбу ҳолат ҳам ижроия ҳокимиятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ишга солиб ўз мухолифларига босим ўтказиши олдини ололмайди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли халқаро ташкилот Human Rights Watch ни мамлакатдан қувиб юборган.






























