Ниҳоят балконларидан чой узатса бўладиган домлар қурилиши тўхтайдими?

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Қарийб 10 йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев аҳолиси кўпайиб бораётган Ўзбекистоннинг ўткир муаммоларидан бирини ҳал этишга бел боғлади.
Узоқ йиллар давлат эътиборидан четда қолиб келган аҳолини уй-жойли қилиш масаласига ҳам ҳукумат, ҳам хусусий қурувчиларни жалб қилиш қарори олинди.
Аммо Президент Мирзиёев бошлаган бошқа қатор соҳалар ислоҳотида кузатилганидек, уй-жойларни кўпайтириш ҳам янги мушкулликларга дуч келди.
Булар - қурилишдаги сифат, шаҳарсозлик талабларига риоя қилиш, маҳаллий амалдорларнинг таъмагирлиги ва бошқалар.
Оқибатда кўп қаватли уйларнинг сони ортди, янги биноларнинг Ўзбекистондек сейсмоактив ҳудудда зилзилага қанчалар бардошли экани саволлари пайдо бўлди, илгари кўп қаватли уйлар атрофида бўлиши шарт деб талаб қилинган яшил майдончалар камайиб кетди, Би-би-сининг таҳлилий дастурларидан бирида таниқли журналист, ёзувчи Каримберди Тўрамурод таърифлаганидек, олтинчи қаватдаги балкондан чой узатса бўладиган "дом"лар қурилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу домлар қурилишга қурилди, энди канализация тизимига, қаторлашиб кетган домларга электр қуввати узатадиган трансформаторларга босимлар қанчалар кўпайди, бу босимларга қувурлар ва трансформаторлар дош бероладими, деган саволларга жавоб берадиган мард топилмайдиган вазият юзага келди.
Хусусий қурилиш ташкилотлари одамларнинг пулларини олиб, сифатсиз уй берган ёки умуман қурилиш қилмагани ҳолатлари аниқланди.
Ниҳоят Ўзбекистон Сенати "қурилишлар устидан назоратни кучайтирмаса бўлмайди" деган қарорга келди, чунки шу кеча-кундузда ҳам шаҳарнинг яхши жойида юқорида тилга олинган талабларни рад этиб дом қуриб, мўмай даромад топишни хоҳлаётган устамонлар топилаяпти, одамлар ҳамон домлари ёнида янги дом қуриш режасига норозилик билдириб чиқаётганлари хабарлари тарқаяпти.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Сенат янги қонунни қабул қилди.
У "Қурилиш соҳасида давлат назорати ва бошқаруви янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун деб номланади.
Қонун муҳокамасида сенатор Кобул Турсунов айтишича, Сенат томонидан 2017 йилдан кейин қурилган ва 2025 йилда қурилиши режалаштирилган 11 ярим мингдан зиёд кўп қаватли уйнинг сейсмо бардошлилиги ўрганилган.
"Ўрганиш натижасида 3107 та уй-жойнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари давлат экспертизасидан ўтмагани, улар ўрнига хусусий экспертиза ўтказилгани аниқланди. Шунингдек, 1434 та объект Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясида рўйхатдан ўтмагани, 185 та уйга ноқонуний қўшимча қаватлар қўшилгани маълум бўлди», — деди сенатор Турсунов.
Шу муносабат билан кўп қаватли уйларни қурилиш инспекцияси рухсатисиз қурган фуқаро ва мансабдорларга жазони кучайтиришга қарор қилинди.

Энди Ўзбекистонда қурилиш устидан назорат кучайтириладиган бўлди.
Шу вақтгача Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тасарруфида бўлган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси деб номланган тизим тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот берадиган қилинди.
Бундан кейин Ўзбекистонда сейсмик фаол ҳудудларда қурилиши режалаштирилган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, кўп қаватли турар жойлар учун уларнинг сейсмик заифлигини баҳолашга зарур маълумотларни ўз ичига олган электрон техник паспортлар шакллантирилади.
Ўзбекистонда янги ётқизилган асфалт йўл асфалти эриб кетаётгани, янги қурилган йўл ўтказгич девори қулаб тушиши, ер усти метроси кўп вақт ўтмасдан яна таъмирга муҳтож бўлиб қолиши янгилик эмас, сенаторлар янги тартиблар қаттиқлаштирилиши билан қурилиш сифати яхшиланишига умид қилаяптилар.
Қурилишга тааллуқли қонунларга киритилган ўзгартиришлар Президент Мирзиёев имзолаганидан кейин кучга киради.





























