Марказий Осиё, Тожикистон: Хитой тили русчани сиқиб чиқарадими?

Тожикистон ва Хитой президентлари, талабалар ва минтақа харитаси коллажи.

Сурат манбаси, BBC/prezident.tj (kollaj)

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Тожикистонда Хитой тилига қизиқиш ортмоқда. Бугун минглаб тожикистонлик ёшлар Хитойда таҳсил олишади. Тожикистоннинг ўзида ҳам кўплаб йигит-қизлар Хитой тилини ўрганяптилар.

Хитой тилига қизиқиш - бутун Марказий Осиё бўйлаб кузатилаётган воқелик.

Сабаби - минтақада Хитойнинг иштироки, иқтисодий ва молиявий таъсири ҳамда ўрни ортиб бормоқда.

Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон ёшлари нега айнан охирги йиллари Хитой тилини ўрганишга киришганларини бир неча сабаблар билан изоҳлашади.

Ҳозирги ҳолат ўтган аср мобайнида Рус тили энг оммабоп хорижий тил бўлиб келган Марказий Осиёда энди чет тилларига қизиқиш фақатгина Инглиз тили мисолида юзага чиқмаётганини ҳам кўрсатади.

Бу эса Хитой тили яқин келажакда минтақадаги энг муҳим хорижий тиллардан бирига айланиши мумкинми, деган саволни ўртага чиқаради.

Тожикистонлик йигит.
Сурат тагсўзи, Иброҳимжон иш юзасидан Хитой тилини ўрганганини айтади.

BBC Форс Хизмати мухбири Суҳроб Зиё Тожикистондаги вазиятни ўрганади:

Тожикистонлик Иброҳимжон ҳали 14 йил олдин Хитой тилини ўрганишни бошлаган.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Шимолий Тожикистондаги у ишлайдиган тупроқни тадқиқ этувчи лаборатория Хитойнинг йўл қурилиш ширкати билан ҳамкорликни йўлга қўйиши ортидан, ёш мутахассис ҳам Хитой тилини ўрганишга қарор қилади.

"Тил ўрганиш касбий зарурат эди, чунки ишлаш муҳитимиз Хитой тилини яхши билишни талаб қиларди" - дейди Иброҳимжон Дўстализода.

"Тил ўргангач, бизнинг яшаш шароитимиз яхшиланди, чунки бу бизнинг Хитой бўйлаб турли шаҳарларга сафар қилишимизга ҳамда дунёқарашимизни кенгайтиришга имкон яратди".

"Биз ҳозир ушбу тажрибаларни ўз ҳаётимиз ва мамлакатимиз тараққиётига тадбиқ этишга интиламиз".

Бугун Тожикистонда Хитой тилини ўрганиш имконлари кўп. Тил марказлари ишлайди, ижтимоий тармоқларда ҳам тил ўргатиш контентлари кўпаймоқда.

Хитой тили - мамлакатдаги ўнлаб тил ўргатиш марказларида энг кўп ўргатилаётган тиллардан.

"Хитой тилини жуда яхши кўраман. Шу боис уни ўрганишни Хитойда давом эттирмоқчиман" - дейди бир йилдан бери Хитой тилини ўрганаётган талаба Анаис Юсуфбекова.

Тожикистонлик ёшлар келажакда яхши иш топиш ва ўз каръерасини йўлга қўйиш учун ҳам Хитой тилини билиш фойдали бўлишини айтишади.

"Бу сизга Тожикистонда Хитой сармояси билан ишлайдиган ширкатларда иш топиш, Хитой тили ўқитувчиси бўлиш ёки Хитойга бориб ишлаш имконини беради" - дейди Душанбедаги Nexus маркази мудири Зоир Салимов.

"Шунингдек, сиз тижорий муносабатларни йўлга қўйишингиз ва логистика соҳасида ҳамкорлик қилишингиз мумкин. Хитой тилини мукаммал ўзлаштирган ҳар қандай инсон ўз иш имкониятларини кенгайтиради".

Тожикистон таълим мутасаддиларига кўра, айни пайтда 6000 нафар тожикистонлик ёш Хитойда таҳсил олмоқда. Тожикистондаги ўн учта университетда Хитой тили ўргатилади.

Ўтган ўн беш йил давомида Тожикистон Миллий университети қошидаги Конфуций институтида тахминан ўн минг нафар талаба Хитой тилини ўрганган.

Хитойдан камида 40 нафарга яқин ўқитувчи келиб, Тожикистон бўйлаб турли ўқув масканларида ёшларга тил ўргатишмоқда.

Ўқув марказидаги ёшлар.
Сурат тагсўзи, Тожикистонлик ёшлар орасида Хитой тилини ўрганиш оммалашмоқда.
Zoir Salimov
BBC
Bu sizga Tojikistonda Xitoy sarmoyasi bilan ishlaydigan shirkatlarda ish topish, Xitoy tili o‘qituvchisi bo‘lish yoki Xitoyga borib ishlash imkonini beradi.
Zoir Salimov
Til markazi mudir, Dushanbe

Президент Раҳмон ҳам ўзининг Хитойга охирги сафар давомида тожикистонлик талабаларга хорижий тилларни ўрганиш уларнинг келажаги учун катта аҳмиятга эга бўлишини таъкидлаган.

Тожикистонлик ёшлар наздида ҳам Хитой тилини билиш янги истиқболларни очади.

"Хитой тилини ўрганган ёшлар нафақат Тожикистонда, балки хорижда ҳам нуфузли ширкатларда, хусусан, бизнес соҳасида иш топишлари мумкин" - дейди талаба Абдусамад Илҳом.

"Шунингдек, таржимон сифатида, тиббиёт ва технология соҳаларида ишлаб, турмуш даражаларини яхшилай оладилар".

Нега Хитой?

Тожикистон ва Хитой президентлари.

Сурат манбаси, prezident.tj

Сурат тагсўзи, Хитой - Тожикистоннинг ҳам муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори.

Хитой - Тожикистоннинг чегарадош қўшниси.

Айни пайтда, дунёнинг иккинчи йирик иқтисоди билан қўшни бўлиш Душанбе учун шунчаки умумий сарҳадларга эгаликни англатмайди.

Иқтисодий ва молиявий жабҳада ҳам Тожикистон учун Хитойнинг ўрни катта.

2014-2024 йиллар давомида Хитой Тожикистон иқтисодига қарийб 4 миллиард доллар атрофида сармоя киритган.

Ҳозир бу мамлакатда Хитой сармояси билан ишлайдиган 700дан кўпроқ ширкат фаолият юритади.

Умуман, Хитой бугун минтақа давлатларининг энг йирик савдо ҳамкори, кредит берувчиси ва сармоядори сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаб улгурди.

Айни пайтда, Марказий Осиё ҳам Хитойнинг қадим Ипак Йўлини замонавий автойўл ва темирйўл сифатида қайта жонлантириш режаларида муҳим транзит ҳудуд саналади.

Шу қаторда минтақа Хитой товарлари учун яқин ва йирик бозор ҳамдир.

Ўтган бир ярим асрга яқин вақт давомида Россия таъсири доирасида бўлган Марказий Осиё ҳамон Москва билан яқин алоқада.

Аммо сармоя ва технология масаласига келганда, Хитойдан етадиган манфаат биринчи ўринга чиқади.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Хитой берадиган турли кредит ва қарзлар минтақада Тожикистон ва Қирғизистон учун янада каттароқ аҳамиятга эга.

Россия охирги чорак аср давомида минтақа давлатлари билан муносабатларни тутиб туриш учун қатор йирик бизнеслар ва энергетика соҳасига сармоялар киритган.

Москва, шунингдек, АЭС каби улкан лойиҳаларни олдинга сурмоқда.

Бироқ, Россия технологияси дунёда рақобатбардош эмас, иқтисоди эса глобал мезонлар бўйича ўртача ва Украина уруши боис Россиянинг ўзи ҳам кўплаб иқтисодий муаммолар қаршисида қолган.

Минтақанинг Ғарб билан иқтисодий алоқалари эса анча заиф ва, таъбир жоиз бўлса, энди тетапоя қилмоқда.

Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари ёки демократик ўзгаришларга оид шарт ва талаблари ҳам Марказий Осиё билан алоқаларга таъсир этмай қолмайди.

Шундай ҳолатда, Осиёнинг юксалаётган янги улкан иқтисоди ва минтақанинг чегарадош қўшниси - Хитой ўртага чиқади.

Марказий Осиё ва Хитой алоқаларининг ҳозирги ҳолати - ўзаро жипс муносабатларнинг фақат бошланиши, дейилади.

Бу эса Хитой тили нуфузи ҳамда мавқеи ҳам яқин келажакда минтақада фақат ортиб боради, деган фикрларга йўл очиши мумкин.

Марказий Осиё Совет Иттифоқи таркибига кирган ўтган асрда Рус тили минтақаликлар энг кўп ўрганишга мажбур бўлган хорижий тил эди. (Тўғри, Совет Марказий Осиёсида у хорижий тил саналмаган).

Русчанинг мавқеи ва ишлатилиши бугун Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида тушган.

Мустақиллик йиллари ёшлар ўртасида Инглиз тилини ўрганишга қизиқиш ортди.

Шундай ҳолатда ҳам минтақадаги йирик тадбирлар Рус тилида олиб борилади ва МДҲ ҳамда Марказий Осиёда асосий мулоқот тили сифатида қолмоқда.

Хитойча эса минтақада яқин йиллар ичида ўрганила бошланган тил. Ва уни ҳалича Марказий Осиёда юз минглаб ёки миллионлаб инсонлар қўллаётгани йўқ.

Хитой тили яқин келажакда минтақада Рус тили ўрнини эгаллайдими ёки оммабоплик бобида Инглиз тили даражасига чиқадими - аниқ гап айтиш қийин.