Ўзбекистонда тантанали кутиб олинган ака-ука Тейтлар АҚШ судида: Улар Буюк Британияга экстрадиция қилинадими?

Ака-укалар 2024 йил Руминияда ҳам маҳкамага тортилганди

Сурат манбаси, DANIEL MIHAILESCU/Getty Images

Сурат тагсўзи, Ака-укалар 2024 йил Руминияда ҳам маҳкамага тортилганди
    • Author, Брэндон Дренон
    • Author, Том Бейтман
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Тошкентга ташрифи билан Ўзбекистонда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган интернет инфлюенсерлари Эндрю ва Тристан Тейтларнинг АҚШда суди бошланди. Улар Буюк Британия сўраган экстрадиция жараёни доирасида қатор оғир жиноятларда айбланмоқда, аммо ака-укалар барча айбловларни рад этмоқда.

Ўзбекистонда карнай-сурнай ва зарбоф тўнлар билан кутиб олинган Эндрю Тейт Х тармоғида "Ғарб таназзулга юз тутаётган бир пайтда, янги имкониятлар пайдо бўлмоқда", деб ёзганди.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳсли чиқишлари билан танилган Эндрю Тейт ва унинг укаси Тристан Тейт АҚШнинг Флорида штатидаги федерал судда Буюк Британияга экстрадиция қилиниши бўйича илк суд мажлисида иштирок этди. Ака-укалар ўзларига қўйилган барча айбловларни рад этмоқда ва экстрадицияга қарши курашишини билдирди.

Флорида штатидаги федерал судда бўлиб ўтган қисқа тинглов Буюк Британиянинг экстрадиция сўрови бўйича дастлабки босқич бўлди.

Англия ва Уэлсдаги жиноий ишларни тергов қилувчи Қироллик прокуратура хизмати (CPS) Эндрю ва Тристан Тейтга нисбатан 38 та янги айблов эълон қилди. Улар орасида зўрлаш, одам савдоси ва жинсий эксплуатация билан боғлиқ жиноятлар ҳам бор.

Суд мажлисида ака-укалар оч жигарранг маҳбус кийимида, қўл ва оёқларига кишан тақилган ҳолда олиб келинди. Улар фақат судья ўз ҳуқуқларини тушунган-тушунмаганини сўраганда, биргаликда: «Ҳа, муҳтарам судья», деб жавоб берган.

Суддан сўнг журналистлар билан суҳбатлашган ака-укаларнинг адвокати Жо Макбрайд мижозлари ҳеч қандай жиноят содир этмаганини таъкидлади.

"Улар ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаган. Уларни содир этмаган жиноятлари учун экстрадиция қилмаслиги керак", - деди у.

"Бу сафсата. Олдиндан уюштирилган иш", — дея қўшимча қилди у.

Тристан ва Эндрю Тейтларнинг ҳар иккаласи ҳам Буюк Британияга экстрадиция қилинишига дуч келмоқда

Сурат манбаси, Pool/Getty Images

Сурат тагсўзи, Тристан ва Эндрю Тейтларнинг ҳар иккаласи ҳам Буюк Британияга экстрадиция қилиниши мумкин
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

У ака-укаларга қўйилган айбловларни АҚШ президенти Доналд Трампга қарши олиб борилган ҳуқуқий жараёнларга қиёслади. Трамп бу жараёнларни "сиёсий таъқиб" деб атаганди. Адвокат ака-ука Тейтларни экстрадиция қилишга уринишни "сиёсий ўғирлаш" деб баҳолаган.

Экстрадиция жараёни қанча вақт давом этиши ҳақида сўралганда, Макбрайд суд мажлисидан олдин бу жараён тахминан 60 кун давом этиши мумкинлигини айтган.

AP Newsнинг маълум қилишича, судя ака-укаларнинг кейинги суд мажлисини 27 июлга белгилаган.

Экстрадиция бўйича якуний қарорни эса охир-оқибат Доналд Трамп маъмурияти қабул қилиши керак бўлади.

Тейтларга нисбатан билдирилган сўнгги айбловларга 2010 йил июлидан 2017 йил августигача бўлган даврдаги воқеалар асос бўлгани айтилмоқда.

Қироллик прокуратура хизмати (CPS) Махсус жиноятлар бўлими раҳбари Малколм Макҳаффининг айтишича, бу айбловлар "Бедфордшир полициясидан қўшимча далиллар тўплами олинганидан кейин" қўйилган ва бу иш бўйича эҳтимолий жабрланувчилар сони еттитага етган.

Полиция маълумотига кўра, ака-укалар ҳозир жами 59 та айблов билан юзлашмоқда. Улар шанба куни Эндрю Тейт қўл жанги (bare-knuckle fighting) мусобақасини бирга олиб бориши режалаштирилган тадбир ўтказиладиган жой яқинида ҳибсга олинган.

Жозеф Макбрайд ва Томас Маниотис Эндрю ва Тристан Тейтларни ҳимоя қилмоқда

Сурат манбаси, PA

Сурат тагсўзи, Жозеф Макбрайд ва Томас Маниотис Эндрю ва Тристан Тейтларни ҳимоя қилмоқда

Улар Руминияда ҳам одам савдоси ва аёлларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида уюшган гуруҳ тузишда айбланмоқда. Эндрю Тейтга нисбатан ўша иш доирасида зўрлаш айблови ҳам қўйилган. Ака-укалар бу айбловларнинг барчасини рад этмоқда.

Британия ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган икки ака-ука 2025 йилдан бери АҚШда яшаб келмоқда. Бу Руминия прокуратураси уларга нисбатан қўйилган сафар тақиқини бекор қилганидан кейин содир бўлган. Бироқ иш турли ҳуқуқий босқичлардан ўтаётгани сабабли, улар ҳали ҳам Руминия ҳукумат органларига мунтазам равишда хабар бериб туриши шарт.

АҚШда уларга нисбатан фуқаролик даъвоси ҳам кўрилмоқда. Унда бир аёл ака-укалар уни жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлагани ва кейинчалик Руминия расмийларига кўрсатма берганидан сўнг унинг обрўсига путур етказганини даъво қилмоқда.

Эндрю Тейт ўзини "мизогинист" — яъни аёлларга нисбатан салбий ва камситувчи қарашларни тарғиб қилувчи шахс, деб атаган. У ижтимоий тармоқларда ҳаддан ташқари бойлик намойиши ва "кучли эркаклик" ғояларини тарғиб қилиши орқали кенг танилган.

У аёллар ҳақидаги баҳсли фикрлари, жумладан жинсий тажовуз қурбонлари ҳам маълум даражада "жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак" деган баёнотлари ортидан ижтимоий тармоқларда тақиқланган. Кейинчалик айрим платформалардаги аккаунтлари қайта тикланган.

Ўзбекистонга баҳсли ташриф

PA
Ular hech qanday noqonuniy ish qilmagan. Ularni sodir etmagan jinoyatlari uchun ekstraditsiya qilmasligi kerak. Bu safsata. Oldindan uyushtirilgan ish.
Jo Makbrayd
Endryu va Tristan Teytlarning advokati (Batafsil: bbc.com/uzbek)

BBC Ўзбек хизмати: 2026 йил апрел ойида Эндрю ва Тристан Тейт Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Тошкентда зарбоф тўнлар билан кутиб олинган ака-укалар сафар давомида тушган суратларини ижтимоий тармоқларда эълон қилган.

"Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрига жуда илиқ кутиб олинганимиздан мамнунмиз.

Бу ерда амалга оширишимиз керак бўлган жуда муҳим ишлар бор. Ғарб таназзулга юз тутаётган бир пайтда, янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Мамлакат шиорида айтилганидек: Куч адолатдадир!", деб пост қолдирганди Эндрю Тейт.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Ташрифнинг расмий мақсади очиқланмаган. Бироқ уларнинг ташрифи Ўзбекистон ва хориждаги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Айрим фойдаланувчилар буни мамлакатнинг хорижий сармоядорлар ва машҳур шахсларга очиқлиги сифатида баҳолаган бўлса, бошқалар халқаро миқёсда оғир жиноятларда айбланаётган шахсларнинг тантанали кутиб олинганини танқид қилди.

Ака-ука Тейтлар Ўзбекистонга келган пайтда ҳам Руминияда уларга нисбатан тергов давом этаётган, Буюк Британияда эса уларга оид жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий жараёнлар олиб борилаётган эди. Энди АҚШда бошланган экстрадиция иши ана шу жараёнларнинг навбатдаги босқичи сифатида кўрилмоқда.