Ўзбекистон: Ота-оналар вазирлик олдига йиғилди. Қизамиққа чалинган болалар учун умид борми?

Сурат манбаси, gazeta.uz
9 сентябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган бир гуруҳ ота-оналар йиғилди. Улар Субўткир склерозланувчи панэнцефалит (SSPE) касаллигига чалинган болалар учун дори-дармон, тиббий ёрдам ва моддий кўмак ажратилишини сўраган.
SSPE қизамиқ вирусининг оғир асорати бўлиб, касаллик белгилари қизамиқдан кейин дарҳол эмас, одатда икки йилдан ўн йилгача бўлган даврда намоён бўлади. Бу давр мобайнида вирус бош мия тўқималарида сақланиб, кейинчалик фаоллашиши мумкин.
Ота-оналарнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда мазкур касалликка чалинган болалар сони қарийб 350 нафарни ташкил этади. Улардан 60 нафарга яқини вафот этган. Айрим ота-оналарнинг таъкидлашича, фақат Наманган вилоятининг ўзида жорий йил бошидан буён саккиз нафар бола касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Норозилик билдирган ота-оналар касаллик асосан 2019 йилда туғилган ва кичик ёшида қизамиқ билан оғриган болалар орасида кўпроқ учраётганини айтган. Улар, шунингдек, мамлакатда қизамиқ касаллиги бўйича расмий статистика қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.
"Бу касаллик кундан-кун кўпайиб кетяпти. Лекин бунга ҳеч ким эътибор бермаяпти. Мана, масалан, мени боламга тўрт йил бўлди бу касаллик билан курашиб келаётганига. Баъзи оилалар бу касалликдан моддий томонлама қийналгани, чарчагани учун бузилиб кетяпти. Масалан, чет элларда хўжайиним ишлаб, мана шу болани даволатиш учун мусофир юртларда қийналиб юрибди, оиласини ташлаб"деди йиғилганлар орасидан бир она.
"Бу касалликни ҳеч кимга раво кўрмайман. Жуда оғир касал. Аввалги вазирлар ҳам шунчалар ваъдалар берган, лекин дориларимизни таъминлаб берди-ю, лекин моддий томонлама, чет элдан профессор, докторлар олиб келиб беришмади бизга".
Ота-оналарнинг фикрича, SSPE тез ривожланувчи касаллик бўлгани сабабли болалар қиммат турдаги симптоматик ва вирусга қарши терапияга муҳтож. Бироқ зарур дориларни хориждан олиб келиш ва улар билан узлуксиз таъминлаш катта муаммога айланган.
Yig‘ilishdan maqsad, bolalarga dori masalasi birinchi o‘rinda, ikkinchi o‘rinda reabilitatsiya. Shu, bolalarni davolash kerak.
Айрим оилалар фарзандларини даволатиш учун ўн минглаб доллар сарфлаганини айтмоқда. Уларга кўра, хорижлик мутахассисларни жалб қилиш, таҳлиллар ва дори воситалари катта маблағни талаб қиляпти. Бу эса кўплаб оилаларнинг иқтисодий аҳволига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Норозилик акцияси давомида ота-оналар Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан учрашганини ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ваъдалар берилганини маълум қилди. Бироқ материал тайёрланган вақтга қадар вазирлик мазкур ҳолат юзасидан жойда бўлган маҳаллий журналистларга расмий изоҳ бермаган.
Бу ҳақда gazeta.uz нашри репортаж чоп этди.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мазкур йиғилиш ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
"Ҳозиргача бизга бирорта ҳам таблетка берилмади"

Сурат манбаси, gazeta.uz
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
podrobno.uz нашрининг қайд этишича, йиғилганларнинг барчаси музокаралар учун вазирлик биносига киритилган, аммо журналистларга киришга рухсат берилмаган.
Нашр маълум қилишича, ўз-ўзидан юз берган ушбу йиғилишга болалар марказий асаб тизимининг оғир шикастланиши сабаб бўлган.
Норозилик акциясида қатнашган оталардан бири нашрга айтишича, унинг етти ёшли ўғли тахминан бир йил аввал тез-тез йиқила бошлаган, кейинчалик эса юриш ва гапириш қобилиятини йўқотган. Жиззах вилоятида ва Миллий тиббиёт марказида ўтказилган текширувлардан сўнг шифокорлар болага олдин ўтказилган қизамиқ касаллигининг асорати бўлган субўткир склерозланувчи панэнцефалит (SSPE) ташхисини қўйган.
Унинг айтишича, ўғли Жиззах вилоятининг Зомин туманида қизамиққа қарши эмланган.
"Эмлаш тўғри ўтказилганми ёки бу ҳолатга таъсир қилганми, билмайман, лекин бизга бу дорилар жуда зарур", деди у.
Ота-оналарнинг айтишича, уларнинг оилалари қарийб уч йилдан буён турли давлат идораларига мурожаат қилиб келмоқда, аммо ҳалигача сезиларли ёрдам олмаган.
"Биз йиллар давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига ва бошқа тегишли идораларга мурожаатлар ёздик. Нодир касалликлар рўйхатини кенгайтириш ҳақидаги қарор қабул қилинганидан кейин, 2026 йил 1 январдан вазият кескин ўзгаради ва болалар даволанади, деган умид пайдо бўлган эди. Аммо ҳозиргача бизга бирорта ҳам таблетка берилмади", дейди ота-оналар, нашр келтирган иқтибосда.
Ота-оналарнинг мурожаати ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди

Сурат манбаси, gazeta.uz
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан бирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида фарзандини қўлида кўтариб турган она маҳаллий журналист билан суҳбатлашади. Унинг айтишича, фарзандини кўрсатмаган шифокори ва мурожаат қилмаган идораси қолмаган.
"Икки нафар фарзандим бор. Бор топганим мана шундан. Илтимос қилиб келдим, ёрдам қилинглар деб. Мана шу боламни кўрсатмаган ерим қолмади, тўғриси. Айтавераман, охири кўтариб кетишга мажбур бўламан. Ажралишиб кетганман шу болам билан. Қизим бор ҳозир бир яшар. Шунга энди ёрдан беринглар деб келдим. Ўзимнинг шароитим йўқ".
TikTok'даги iMediacomkz саҳифасида тарқалган яна бир видеода бир нечта эркак қўлларида Ўзбекистон президенти сурати ва турли мурожаатлар ёзилган плакатларни ушлаб турганини кўриш мумкин.
Batafsil.uz нашри ҳам бу ҳодиса ҳақида мақола чоп этди. Унда вазирлик биноси олдида тўхтаб турган бир қатор оқ рангли автобуслар, тўпланган ота-оналар ва улар билан суҳбатлашаётган журналистлар акс этган фотосурат чоп этилган.
Вазир билан учрашувда нима ваъда қилинди?

Сурат манбаси, gazeta.uz
Йиғилиш иштирокчиларидан бирининг podrobno.uz нашрига айтишича, учрашувда соғлиқни сақлаш вазири ва вазирликнинг масъул ходимлари шахсан иштирок этган.
"Биз дуч келаётган барча муаммолар ҳақида гапирдик. Мурожаатимизда зарур дори-дармонлар ва препаратлар, бизга бириктирилган шифокорлар гуруҳи, шунингдек, SSPEни даволаш учун алоҳида шифохона ёки бўлим ажратиш масаласи кўрсатилган. Шунингдек, ҳудудлардаги оилалар дуч келаётган муаммолар, жумладан, болалар учун тиббий хизматларнинг сифати ва имкониятлари ҳақида ҳам гапирдик. Бу касаллик жуда хавфли бўлгани учун унга жиддийроқ муносабатда бўлишни сўрадик. Биз таълим, реабилитация зарурати, шунингдек, болалар орасида ўлим ҳолатлари ортиб бораётгани ҳақида ҳам гапирдик. Бу ҳақда фарзандлари ва набиралари вафот этган ота-оналар ҳам сўзлаб беришди".
Нашр билан суҳбатлашган кишининг айтишича, вазирлик раҳбари ишчи гуруҳ тузишга ваъда берган. Унга ота-оналар ҳамжамиятидан тўрт нафар вакил киритилиб, улар ҳар куни республика бўйлаб оилаларни қўшма ишлар бориши ҳақида хабардор қилиб боради. Музокараларда дори-дармонларни етказиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Уларни Ўзбекистонга олиб келиш олти ойдан тўққиз ойгача вақт олади. Шунингдек, кучли таъсир қилувчи препаратларнинг бир қисми психотроп воситалар қаторига кириши ва алоҳида назорат остида бўлишини ҳисобга олганда, 2027 йил учун буюртмаларни ҳозирданоқ шакллантириш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистонда бундай оммавий йиғилишлар нисбатан кам учрайди. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида юз берган мазкур йиғилиш жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди.
Мутахассисларга кўра, SSPE касаллиги кам учраса-да, унинг оқибатлари жуда оғир бўлиши мумкин. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан учрашувдан кейин ота-оналар муайян ваъдалар берилганини айтмоқда.
































