Ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар ҳаётни қисқартирадими?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Анжела Хеншалл
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Саккиз мамлакат бўйича ўтказилган тадқиқотлар шарҳига кўра, кўп миқдорда торт, печене, тайёр овқат ёки шунга ўхшаш маҳсулотларни истеъмол қилиш эрта ўлим хавфини ошириши мумкин.
Колумбия, Чили, Мексика, Бразилия, Австралия, Канада, Буюк Британия ва АҚШнинг ўта ишлов берилган озиқ-овқат маҳсулотлари (ЎИО) ҳақидаги маълумотлар Бразилиядаги Освалдо Круз жамғармасида (FIOCRUZ) доктор Эдуардо Нилсон жамоаси томонидан таҳлил қилинди.
"American Journal of Preventive Medicine" журналида чоп этилган тадқиқотда экспертлар ҳукуматларга ЎИО истеъмолини камайтиришга қаратилган тавсиялар беришни таклиф қилишди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 2022-йилги маълумотларига кўра, Бразилиядаги катталарнинг ярми ортиқча вазнли ва уларнинг ҳар тўртинчиси клиник семизликдан азият чекмоқда. FIOCRUZ мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўсиб бораётган соғлиқ инқирозига қарши курашиш бўйича ишларига раҳбарлик қилмоқда.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, ЎИО билан боғлиқ эрта ўлим ҳолатлари Колумбия каби истеъмол даражаси паст бўлган мамлакатларда эрта ўлимнинг 4 фоизини, Буюк Британия ва АҚШда эса математик моделлаштиришга кўра, 14 фоизини ташкил этади.
Diyetologlarga ko‘ra, buvingiz ovqat deb tan olmaydigan har qanday narsa o‘ta qayta ishlangan bo‘lishi mumkin
Улар буни Буюк Британияда катталар истеъмол қиладиган энергиянинг 53 фоизини ташкил этувчи ЎИО асосида ҳисоблаб чиқишди – бу кўрсаткич АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.
Тадқиқотчилар ўз моделларига кўра, 2018-19 йилларда Буюк Британиядаги 17 781 та эрта ўлим ЎИО билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
"Рақамлар тўпланиб бормоқда. ЎИО билан боғлиқ ўлим хавфи ошиши мен учун унчалик кутилмаган эмас", дейди Лондондаги Қироллик университетининг диетология бўлими илмий ходими доктор Меган Росси.
"Биз таркибида фитокимёвий моддалар ва толалар бўлган баъзи озиқ-овқатлар ҳужайраларимизни оксидланиш ва яллиғланишдан ҳимоя қилишини анчадан бери биламиз. Бу озиқ-овқатлар муҳим ва касалликлардан кучли ҳимояловчи ҳисобланади. Агар биз уларни истеъмолдан чиқарсак, бу ҳимояни йўқотамиз", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.
Унинг тушунтиришича, бу икки томонлама салбий таъсирга эга: агар сиз ЎИО билан қорин тўйдирсангиз, мева ва сабзавотлар каби барча антиоксидант озиқ-овқатларни олмайсиз.
Иккинчидан, ЎИО "олдиндан ҳазм бўлган"лиги сабабли, қайта ишлаш уларни жуда мазали қилган, лекин улар сизни узоқ вақт тўқ тутмайди, натижада сиз уларни тобора кўпроқ истеъмол қиласиз.

Сурат манбаси, Getty Images
Умумий тенденция
Олимлар ЎИО соғлиқ учун зарарли эканлиги тўғрисидаги далиллар тўпланиб бораётганига қўшилишса-да, буни 100 фоиз исботлаш ҳали қийин.
Кўплаб тадқиқотлар ЎИО ва ёмон соғлиқ ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган, аммо бири иккинчисини келтириб чиқаришини исботлай олмайди, чунки ҳали аниқ далиллар йўқ.
Бироқ, тадқиқотчилар ЎИО ва кўплаб соғлиқ муаммолари ўртасида изчил боғлиқликларни аниқлаганлари ҳақиқат.
Ўтган йили "British Medical Journal" журналида чоп этилган, ЎИО истеъмол қиладиган деярли 10 миллион киши ўртасида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, уларда юрак-қон томир касалликлари, семизлик, 2-тур қандли диабет, халоватсизлик ва депрессия сабабли ўлим хавфи юқори.
Бироқ, ҳатто ушбу тадқиқот билан ҳам касалликларни келтириб чиқарган омил озиқ-овқат қайта ишланганлигими ёки уларнинг аксариятида ёғ, шакар ва туз кўплигими, аниқлаб бўлмайди. Булар вазн ортиши ва баъзи саратон касалликларининг маълум сабабларидир.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Бироқ, бир қатор диетологлар доктор Нилсон бошчилигидаги тадқиқотлардаги чекловларни таъкидлайдилар.
Кембриж университетининг Биостатистика бўлими статистика мутахассиси Стивен Бергесснинг айтишича, тадқиқот кузатувга асосланган ва сабабни исботлай олмайди.
"Бу турдаги тадқиқотлар ўта ишлов берилган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш зарарли эканлигини исботлай олмайди, аммо истеъмол қилиш саломатлик учун ёмонроқ натижалар билан боғлиқлигини кўрсатади", дейди у.
"Эҳтимол, ҳақиқий сабабий хавф омили ўта ишлов берилган озиқ-овқатлар эмас, балки яхшироқ жисмоний тайёргарлик йўқлиги билан боғлиқ хавфдир ва ўта ишлов берилган озиқ-овқатлар шунчаки бегуноҳ "томошабин"".
"Аммо бу боғлиқликлар кўплаб мамлакатлар ва маданиятларда такрорланишини кўрганимизда, ўта ишлов берилган озиқ-овқатлар шунчаки "томошабин" эмас, деган шубҳа пайдо бўлади".
Ўта ишлов берилган таом истеъмол қилаётганингизни қандай биласиз?
Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш сўнгги 50 йил ичида кескин ўзгарди.
ЎИО уларнинг қанча саноат жараёнидан ўтганлиги ва қадоқ қоғозидаги кўпинча талаффуз қилиб бўлмайдиган ингредиентлар сони билан белгиланади. Кўпчилигида ёғ, шакар ёки туз миқдори юқори; уларнинг аксариятини тез тайёрланадиган овқат деб аташ мумкин.
Ушбу рейтингдаги энг паст тоифага мева ва сабзавотлар каби умуман қайта ишланмаган озиқ-овқатлар киради. Қайта ишланган озиқ-овқатлар эса узоқроқ сақланиши ёки мазаси яхшиланиши учун одатда туз, ёғ, шакар ёки ферментация ёрдамида ўзгартирилади.
ЎИОга музқаймоқ, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, чипслар, оммавий ишлаб чиқарилган нон, айрим нонушта ёрмалари, печенье ва газли ичимликларни мисол қилиш мумкин.
Биз бу маҳсулотларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қиламиз, чунки уларнинг кўпчилиги мазали, арзон, қулай ва айниқса болаларга кўп реклама қилинади.
Доктор Россининг таъкидлашича, бунинг сабабларидан бири шуки, энг кўп ўта қайта ишланган озиқ-овқат истеъмол қилувчилар чекиш ва камроқ жисмоний машқ қилиш каби бошқа носоғлом одатларга ҳам кўпроқ мойил бўлишади.

Сурат манбаси, Getty Images
Огоҳлантирувчи белгиларга қуйидагилар киради:
• номини талаффуз қилиш қийин ингредиентлар
• қадоқда бештадан ортиқ таркибий қисм кўрсатилгани
• бувингиз овқат деб тан олмайдиган ҳар қандай нарса
Қуйидаги таркибий қисмлар озиқ-овқат ёки ичимликнинг ўта қайта ишланганини кўрсатиши мумкин:
• модификацияланган крахмал каби қуюқлаштирувчилар
• елимлар (ксантан елими, гуар елими)
• эмульгаторлар (соя лецитини ва каррагенан каби)
• шакар ўрнини босувчилар (аспартам ва стевия каби)
• ўсимликлардан олинмаган синтетик озиқ-овқат бўёқлари
• уйда ёки ҳатто дўконларда ҳам топилмайдиган сунъий таъм берувчи ва бошқа таркибий қисмлар






























